Биз ҳақимизда

Ёғ-мой ва озиқ-овқат саноати уюшмаси Ўзбекистон Респуб-ликаси Президентининг 2006 йил 30 майдаги «Ёғ-мой ва озиқ-овқат саноатини бошқариш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида"ги 359-сонли қарорига асосан таъсисчиларнинг «Ёғмойтамакисаноат"ва «Озиқовқатсаноат» уюшмаларини бирлаштириш тўғрисидаги йиғилишлари қарорларига асосан ташкил этилган.

Ёғ-мой ва озиқ-овқат саноати Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлаш ва истеъмол товарлари Комплексида муҳим ўринни эгалайди ҳамда равнақ топган тармоқ ҳисобланади. Республикада ишлаб чиқарилаётган жами озиқ-овқат маҳсулотларининг 25–30 фоизи уюшма корхоналари улушига тўғри келади.

«Ёғ-мой ва озиқ-овқат саноати» уюшмаси корхоналари ўсимлик ёғи, ёғ-мой маҳсулотлари, алкогольсиз пиво, совун, тамаки маҳсулотлари ва шакар ишлаб чиқарувчи асосий саноат объектлари ҳисобланади.

Шу билан бирга уюшма корхоналари ўсимлик ёғи, хўжалик совуни ва шакар каби биринчи галдаги зарурий кундалик маҳсулотлар рўйхатига кирадиган ҳамда мамлакат озиқ-овқат мустақиллиги ва иқтисодий хавфсизлигининг айрим босқичларини белгилаб берадиган махсулотлар ишлаб чиқарувчи корхоналар хисобланади.

Ўзбекистон Республикасида ўсимлик ёғи ишлаб чиқаришдаги улуши — 100%

Ўзбекистон Республикасида хўжалик совуни ва атир совуни ишлаб чиқаришдаги улуши — 100%

Маргарин маҳсулотлари ва майонез ишлаб чиқаришдаги улуши — 100%

Республикада истеъмол қилинадиган ўсимлик ёғининг 88–93 фоизи уюшма корхоналари улушига тўғри келади. Мустақиллик йилларида ёғ-мой ва озиқ-овқат саноати тизимини такомиллаштириш бўйича муҳим ишлар амалга оширилди. 1994йилдаги иқтисодиётни либераллаштириш борасидаги ислоҳотлар корхоналарни хусусийлаштириш имконини яратди.

Хўжалик юритувчи субъектлар сони ортди, тармоқда йирик корхоналар билан бир қаторида турли кўринишдаги хусусий мулк шаклидаги кичик бизнес субъектлари фаолият кўрсатмоқда, бу, ўз навбатида, республикада ишлаб чиқариш кучларини рационал жойлаштириш ва тармоқда кўп укладли иқтисодиётни равнақ топтириш имконини бермоқда.

Ёғ-мой ва озиқ-овқат саноати уюшмаси таъсисчилари таркибига ёғ-мой, алкогольсиз пиво, қандолатчилик корхоналари ихтиёрий равишда киришган.

Ёғ-мой ва озиқ-овқат саноати уюшмасининг асосий вазифалари ва фаолият турлари қуйидагилардан иборат:

  • ёғ-мой ва озиқ-овқат саноати маҳсулотлари сотиладиган ички ва ташқи бозорларда маркетинг тадқиқотларини олиб бориш, илғор халқаро тажрибаларни ҳисобга олган ҳолда ўрта ва узоқ муддатлари Дастурлар ишлаб чиқиш ва унинг ижросини таъминлашда қатнашиш;
  • ёғ-мой ва озиқ-овқат саноати корхоналарига ишлаб чиқаришни модернизация қилиш ва техник қайта жиҳозлашда, шу мақсадлар учун хорижий инвестицияларни жалб этиш, маҳсулот рақобатбардошлигини ошириш ва экспорт ҳажмини кенгайтиришда ёрдам кўрсатиш;
  • ёғ-мой саноати корхоналари билан пахта чигити ишлаб чиқарувчилар ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни, хусусан, хом ашёни қатъий тартибда қабул қилиш ва унинг сифатини назоратга олишни изчил такомиллаштириш;
  • тармоқ корхоналари томонидан пахта ёғи чиқиши бўйича ўрнатилган меъёрларга риоя қилишни таъминлаш;
  • тармоқ корхоналарига информацион хизмат кўрсатиш, ходимларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш ишларини ташкил этиш.

Ёғ-мой ва озиқ-овқат саноати уюшмаси ташкилий тузилмаси ҳамда ижроия аппарати тузилмаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 30 майдаги 395-сонли қарори билан тасдиқланган.

Корхона ва ташкилотлар уюшма таркибига эркин кириш ва чиқиш ҳуқуқига эга.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, мустақиллик йиллари янгиланиш, ўсиш, ўзгариш даври бўлди. Замон билан ҳамнафаслик, ҳар йилни муваффақиятли якунлаш, халқимиз эҳтиёжи учун сифатли озиқ-овқат, хусусан, ёғ-мой маҳсулотлари ишлаб чиқариш, маҳсулот ҳажми ҳамда турини кўпайтириш анъанага айланди.

Бундай кенг кўламли вазифаларни амалга оширишда, авваломбор, соҳани тубдан ислоҳ қилишга, модернизациялаш ва техник қайта жиҳозлашга алоҳида эътибор берилди. Бунда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2007 йил 12 июндаги «2007–2011 йилларда ёғ-мой саноати корхоналарини модернизациялаш ва техник қайта жиҳозлаш дастури тўғрисида"ги қарори дастуриламал вазифасини ўтаётганлигини алоҳида таъкидлаш керак. Мазкур дастурда 25 та корхонада модернизациялаш ишларини олиб бориш кўзда тутилган.

Ушбу дастурда белгилаб берилган вазифалар юзасидан ибратли ишлар амалга оширилди. Жумладан, хорижий сармояларни тўғридан-тўғри жалб қилиш, шунингдек, корхоналарнинг ўз мабғлари ҳисобига қуйидаги замонавий технологик ускуналар сотиб олиниб, ўрнатилди ва ишга туширилди:

ўсимлик ёғини қадоқлаш, ўсимлик ёғини хидсизлантириш, сариёғ ишлаб чиқариш ва қадоқлаш, электрон тарозилар ва бошқалар. 40 турдан ортиқ янги турдаги маҳсулотлар, хусусан, замонавий турдаги маргарин, майонез ва юқори сифатли ҳидсизлантирилган ёғ ишлаб чиқариш ўзлаштирилди.

Ёғ-мой ва озиқ-овқат саноати уюшмаси таркибида пахта чигитини қайта ишлаш ва ёғ-мой маҳсулотлари олишга ихтисослаштирилган 21 та корхона фаолият кўрсатмоқда. Ёғ-мой тармоғи асосан маҳаллий хом ашё — пахта чигити ҳисобига ишлайди. Бундан ташқари, уюшма томонидан Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда республика ҳудудларида махсар, кунгабоқар, зиғир етиштириш ҳамда ноанъанавий ёғ маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш бўйича дастур ишлаб чиқилган. Ҳозирги вақтда республика, аҳолисининг ёғ-мой маҳсулотларига бўлган талабини янада тўлароқ қондириш мақсадида мазкур дастур ижросини таъминлаш учун барча зарурий чоралар ишга солинмоқда.

Алкогольсиз пиво ва тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқаришда ҳам маҳаллий хом ашёдан унумли фойдаланишга таянилади.

Ёғ-мой ва озиқ-овқат саноати уюшмаси томонидан тармоқ Инвестиция дастури ижроси амалга оширилади, бундан кўзланган мақсад хўжалик юритувчи субъектларни юқори сифатли, рақобатбардош, экспорт ўрнини босувчи маҳсулот ишлаб чиқариш имконини берувчи замонавий ускуналар билан жиҳозлаш ва ишлаб чиқаришни модернизациялашдан иборат.